Skip to content
Scientific Article O'zbekcha Open Access

Лев толстой ижоди. “Анна Каренина” романи ҳақида

АЗИМОВА Н.Ф.

Issue
2-son
Pages
382–385
Published
01.04.2025
Views
0 4

Abstracts

The article describes the life path, creativity, works of Lev Nikolayevich Tolstoy, the great writer of Russian literature of the 19th century, who made a great contribution to world literature with his invaluable works, as well as their main theme and idea. The famous work of the writer is the novel "Anna Karenina", the idea presented in it, the description of the characters are thoroughly analyzed. The place and study of the writer in Uzbek literature is presented.

Article Content

Жаҳон адабиётининг сўнмас юлдузларидан бири, XIX аср рус адабиётининг йирик ёзувчиси, рус реализмининг асосчиси, инсоният маданияти хазинасини нодир асарлари билан бойитган сўз санъаткори Лев Николаевич Толстойдир (1828–1910). У нафақат бадиий асарлари, балки инсон ва жамият ҳақидаги фалсафий қарашлари билан ҳам машҳурдир, бинобарин, у граф, Петербург Фанлар Академияси мухбир аъзоси (1873) ҳамда фахрий академигидир. Толстой 1828 йил Россия империяси Тула губерниясининг Ясная Поляна қишлоғида дворянлар оиласида туғилган, ёшлигидан бой маданий муҳитда тарбияланган. Қозон университетида таҳсил олган, лекин ўқишни ташлаб, ўз-ўзини тарбия қилишга эътибор “Развитие науки и технологий” Научно–технический журнал №2/2025 381 Аниқ ва ижтимоий-иқтисодий фанлар қаратган. Ёзувчиликдан ташқари тарбия, ахлоқ, сиёсат ва диний масалалар билан ҳам шуғулланган. 1844-1847 йилларда Қозон университетининг араб-турк ва ҳуқуқшунослик факультетларида ўқиган. 1851-1853 йилларда Кавказда бўлиб, жангларда иштирок этган. 1854 йил Дунай армиясига юборилган, Қрим урушида қатнашган. Толстой 1855 йилда Петербургга бориб, Н. А. Некрасовнннг “Современник” (“Замондош”) журнали ва журнал атрофидаги ёзувчилар, яъни И.С.Тургенев, И. А. Гончаров, Н. Г. Чернышевский ва бошқалар билан ҳамкорлик қилган. Болалик кезларида рус ва араб халқ эртаклари, А.С.Пушкин шеърлари, шунингдек, Юсуф ҳақидаги Инжил ривояти таъсирида шеърлар ёзган. Биринчи йирик асари – “Инсон камолотининг тўрт даври” автобиографик асари ҳисобланади. 1855 йилда нашр қилинган “Севастополь ҳикоялари” тўпламида жамланган ҳикоя ва очеркларида уруш лавҳалари ва аскарларнинг маиший турмуши ўз ифодасини топган. “Казаклар” қиссасида (1863) эса ёзувчи реал ҳаёт лавҳалари ҳамда маиший турмуш тафсилотларини тарихий воқеалар манзараси билан, ҳаётнинг ахлоқий-фалсафий асослари тасвири билан уйғунлаштирган. Рус ва жаҳон адабиёти хазинасидан мустаҳкам ўрин олган “Уруш ва тинчлик” (18631869) эпопеяси Толстойнинг ўз асрининг 60-йилларидаги ижодий камолотидан далолатдир. Серқирра ва сермазмун бу роман, ҳажман каттагина бўлиб, асарда Франция императори Наполеон Бонапартнинг 1805 - 1807 ҳамда 1812 - 1814 йиллардаги ҳарбий юришлари, шу жумладан, Франция-Россия уруши воқеалари тарихи муфассал ёритилган. Ёзувчи ўз романида 500 дан ортиқ бадиий қаҳрамонларни қўллаган, улардан баъзилари тарихий шахслар, баъзилари прототип, баъзилари эса тўқима образлардир. Адиб кўплаб қаҳрамонлар иштирок этган эпик воқеалар билан бирга қаҳрамонларнинг руҳий тасвирлари илк бор катта маҳорат билан уйғунлашган тарихий роман жанрини ярата олди. Мазкур асар билан Лев Николаевич ўз даврида рўй берган ва ўзи шахсан гувоҳ бўлган воқеаларга фаол муносабат билдирган. “Иқрорнома” (1880) ва “Эътиқодим нимада?” (1884) каби асарларида 70-йилларда ёзувчининг руҳий изтироб жараёнида яшаганлиги, ўз ҳаёт йўлини қайта тафтиш қилгани, жамиятнинг маънавий асослари ёлғонга асосланганлиги тўғрисидаги хулосалари акс этган. Айниқса, “Иқрорнома”да инсон умрининг моҳияти нима, унинг бу дунёга келиб кетишида қандай маъно бор, жаҳоннинг буюк мутафаккирлари, машҳур файласуфлар бошини қотирган ана шу саволларга жавоб изланган. Мазкур асарда ёзувчи оддий бир инсон сифатида ҳаётнинг турли яхши ва ёмон кўчаларида “тентираб”, у ерда яшаб, одамлар тушунчаларини, ўша жойдаги ҳаётни кузатиб анализ қилади, инсон умрининг мазмун-моҳиятини англашга уринади, ҳолатларни ўз вужудида ҳис қилади, хулосалар, қарорларга келади. Буюк адиб ўзининг “Иқрорнома” асарида инсон умрининг мазмуни ҳақида бош қотирар экан, унинг ҳаётида эътиқоднинг, диннинг ўрни ва роли ҳақидаги теран мушоҳадаларни ўртага ташлайди, улкан даҳоларни қийнаган маънавий муаммоларга жавоб излайди. Толстойнинг шу даврда ёзган асарлари орасида “Иван Ильичнинг ўлими” (1886), “Крейцер сонатаси” (1889) қиссалари, айниқса, эътиборга лойиқ. Толстой 80-йилларда драматургия жанрларида ҳам ижод қилиб, “Зулмат ҳокимияти” (1886) драмаси ва “Маърифат мевалари” (1890) комедиясини ёзади. Бу асарларда қишлоқ аҳлидаги жаҳолат, шаҳар маданиятининг қишлоққа кўрсатаётган салбий таъсири катта бадиий куч билан тасвирланган. Толстой дунёқарашида тобора кучайиб бораётган зиддиятлар унинг сўнгги йирик асарларидан бири – “Тирилиш” романи (1889-99)да ўз аксини топди. “Тирилиш” – инсоннинг маънавий уйғониши ҳақидадир. Ҳаётда бўлиб ўтган оддий воқеа – бир суд жараёни асосида яратилган бу асарда Толстой ижтимоий адолатсизликка асосланган жамиятнинг ички, маънавий асосларини очиб ташлайди. Мазкур асардаги кишилар тақдири билан воқеаларнинг ўзаро чамбарчас боғлиқлиги масаласи “Ҳожимурод” (1896-1904) қиссасининг ҳам асосини ташкил этган. Толстой диндор ёзувчи сифатида кишилар “Фан ва технологиялар тараққиёти” Илмий–техникавий журнал №2/2025 382 Точные и гуманитарно-экономические науки руҳиятидаги зиддиятларни тасвир этибгина қолмай, ўзи ҳам жамият ва кишилар ҳаётидаги бундай зиддият ва майллардан жароҳатланиб яшаган. Лев Николаевич Толстой бир неча бор Нобел мукофотига номзод сифатида кўрсатилган. Унинг ўзи мукофотни олишни истамайди ва ҳатто ёзувчи Арвид Ярнефелтга мукофот берилишига тўсқинлик қилишга уриниб кўришини илтимос қилади. 1870 йилларнинг бошида пухта ва бетакрор асарлари сабаб Лев Толстойнинг номи буюк рус ёзувчилари қаторига қўшилди. Ўша пайтлар Толстой бетоб бўлиб, Самарага жўнаб кетди, шифокор тавсиясига кўра у ерда қимиз билан даволанди. Адибга даштнинг сокин табиати ҳамда у ердаги хотиржам ҳаёт маъқул бўлгач, бутун оиласи билан бу ерга кўчиб боради. Шу йиллар машҳур “Анна Каренина” (1873–1877) романини ёзиб битирди. “Анна Каренина” – муҳаббат, оила ва жамият ҳақидаги психологик романдир. Мазкур асар Лев Толстойнинг энг машҳур асарларидан бири бўлиб, рус жамиятидаги ахлоқий қадриятлар, муҳаббат, оила ва инсон руҳияти ҳақидаги улкан роман ҳисобланади. Асар реалистик роман жанрида ёзилган бўлиб асосий мавзулари муҳаббат, хоинлик, ижтимоий меъёрлар, оила, бахт, шахснинг ички изтироблари тўғрисидадир. Роман икки йўналишда ривожланади, биринчиси Анна Каренина ва Вронский ҳикояси кўринишида бўлса, иккинчиси Левин ва Китти ҳикояси шаклида давом этади. Мазкур романда Толстойнинг жамият ҳаётида кечаётган нохуш жараёнлар ҳақидаги изтиробли ўйлари акс этди. Романда Каренинлар, Облонскийлар ва Левинлардан иборат 3 оиланинг бир-бири билан уйғун, аммо мустақил сюжет чизиғига эга бўлган тарихи тасвир этилган. Толстой, аксар рус ёзувчиларидек, насроний динига эътиқод қилганлиги учун ҳаётда рўй бераётган воқеаларга ва кишиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳам шу дин нуқтаи назаридан ёндашган. Унинг жамият ва унда яшовчи кишиларга, бинобарин, қаҳрамонларига бўлган муносабатига ўзининг диний қарашлари нуқтаи назаридан ёндашган. У жамият аъзоларида қандай чиркин хислатлар мавжуд бўлмасин, кишилар диний қонун-қоидалар доирасида ҳаракат қилишлари лозим, акс ҳолда жамият ҳалокат сари боради, деган фикрдан келиб чиқиб, қаҳрамонлар образини яратади. Асарнинг бош қаҳрамони Анна Каренина – юқори табақадан бўлган зеҳнли ва чиройли аёл, аммо у ўз турмуш ўртоғи Алексей Каренинни севмайди, у граф Вронский билан бирбирига кўнгил қўяди. Аммо жамият уларнинг муносабатини қабул қилмайди ва Анна ижтимоий босим ҳамда шахсий изтироблар остида қолиб, охирида ўз жонига қасд қилади. Анна Каренина – асосий қаҳрамон, кучли ва мустақил аёл, лекин жамиятнинг босими ва ўз ички азоблари сабабли фожеавий тақдирга учрайди. Анна ва Вронский муносабати жамиятдаги ахлоқий нормалар ва шахсий ҳуррият ўртасидаги зиддиятни кўрсатади. Романнинг асосий мавзулари: жамият ва унинг таъсири – жамият Аннани қабул қилмайди, аммо Вронскийни кечиради. Оила ва никоҳ – Левин ва Киттининг оиласи ҳақиқий бахтни топишга ҳаракат қилади. Инсон руҳияти – қаҳрамонларнинг ички изтироблари ва фалсафий изланишлари романнинг марказий қисми ҳисобланади. Фожиавий тақдир – Аннанинг танлови уни ҳалокатга олиб келади. Романдаги Константин Левин образи Толстойнинг ўз қарашларини ифодаловчи қаҳрамон. У Китти Шчербацкаяни яхши кўради ва роман давомида уларнинг ҳаёти, оила қуриш ва шахсий ривожланиш жараёни кўрсатилади. Левиннинг фалсафий изланишлари ва инсон бахти ҳақидаги фикрлари романнинг маънавий негизини ташкил этади. Левин – йирик помешчик, фалсафий изланувчи, қайсидир маънода Толстойнинг ўзининг аксидек. Левин ўзини ўзи қидираётган инсон образи. Буни ушбу қаҳрамон турли соҳаларда ўзини синаб кўришида, чунончи, сиёсий баҳс-мунозараларда ҳам, ижтимоий ҳаётда ҳам фаол иштирок этади, тадбиркорлик, ёзувчиликка ҳам уриниб кўради, ҳаёт мазмун-моҳиятини излайди, бахт излайди, саволларига жавоб ахтаради, бироқ кўнгли тўлмайди, яна нимадир етишмаётгандек бўлади. Китти Шчербацкая – Левиннинг рафиқаси, содда ва меҳрибон аёл. Левин Киттини севиб қолиб, бахтни топдим, қидираётганим шу бўлса керак, деб ўйлаганда, лекин яна “Развитие науки и технологий” Научно–технический журнал №2/2025 383 Аниқ ва ижтимоий-иқтисодий фанлар кўнгли кемтиклигини ҳис қилади. Фарзанд кўрганида қувониш ўрнига аёлининг ҳам боланинг ҳам азобланаётганини эшитиб туриб, ўзидаги ҳис-туйғуларга тушунмайди, бу жараёнда ўзини қандай тутишни билмай қолади. Ва бир кун – бу асарнинг охирида, асарнинг хулосаси сифатида, Левин табиатни узоқ томоша қилгач, чуқур тафаккур қилиб шу нарсани тушунадики, одамларга берилган умр, табиат, жамият, инсон ҳаёти – бари, барчасидан мурод худо, унинг қонунлари эканлигини англайди, ҳаммасининг замирида яратувчи зот турганлигини тушунади, тафаккури чарақлаб кетгандай бўлади, қидирган нарсасини топганидан қалби қувончга тўлади, ҳаммаси тушунарли, аён бўлади. Шунда узоқ кутилган чуқур бир хотиржамликни ҳис қилади. Бу албатта, ёзувчининг хулосаси эди. Романнинг аҳамияти шундаки, инсон ҳис-туйғуларини теран тасвирлаши билан машҳур. Роман фақат муҳаббат ҳақида эмас, балки ижтимоий ва ахлоқий масалаларни ҳам қамраб олади. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Лев Толстой ва унинг “Анна Каренина” романи жаҳон адабиётида ўчмас из қолдирган. Романда муҳаббат, жамият, ахлоқ ва шахсий танловлар масалалари батафсил ёритилган. Бу асар нафақат рус адабиёти, балки жаҳон адабиётининг ҳам энг муҳим дурдоналаридан бири саналади. Толстойнинг фалсафий қарашлари ва ҳаётий ҳақиқатларини, сўз санъаткори сифатидаги маҳоратини чуқурроқ тушуниш учун “Анна Каренина”ни мутолаа қилиш мақсадга мувофиқ. Лев Николаевич Толстой - улкан истеъдод соҳиби, жаҳон адабиёти хазинасини бетакрор ижодий мероси билан бойитган файласуф адиб, қалами билан ҳам, амали билан ҳам ҳақиқатга интилган ва шу орқали маънавий камолотнинг юксак чўққисига кўтарилган донишманд. Унинг китоблари дунёнинг деярли ҳар бир давлатида севиб ўқилади. Ўзбекистонда Толстой ижодига қизиқиш ёзувчи ҳаётлиги пайтлардаёқ бошланган. Унинг “Одамлар нима билан тирик?”, “Худо ҳақиқатни кўрса ҳам тезда айта олмайди” мақолалари 1887—1902 йилларда “Туркистон вилоятининг газети”да ўзбек тилида нашр этилган. Толстой ҳақидаги “Россия мамлакатининг машҳур ёзувчиси” деган мақола эса шу газетада таниқли маърифатпарвар Сатторхон Абдуғаффоров таржимасида босилган. Толстой нафакат буюк ёзувчи, балки адолатпарвар ва халқпарвар инсон сифатида ҳам ўзбек жадидларининг эътиборини ўзига жалб этган. Адабиётшунос олимларнинг берган маълумотларига кўра биринчи ўзбек адвокати Убайдулла Хўжаев 1909 йилда Толстойга унинг ёмонликка ёмонлик билан жавоб бермаслик ҳақидаги таълимоти юзасидан хат ёзиб, ўша йилнинг 5 июнида ундан жавоб олган. Ислом динининг таниқли арбобларидан бири Абдувоҳид Қориев эса 1910 йил Ясная Полянага махсус бориб, Толстой билан бир неча марта мулоқотда бўлган. Аммо ўзбек халқининг Толстой ижоди билан яқиндан танишиши 20-асрнинг 30-йилларидан бошланган ва унинг барча асосий асарлари бугунги кунда ўзбек тилига таржима қилинган

References (3)

  1. 1. Лев Толстой. Танланган асарлар. 5 жилдлик, 4-жилд. Анна Каренина. Мирзакалон Исмоилий таржимаси. Тошкент. Ғ.Ғулом нашриёти. 1980. – 1038 б.
  2. 2. Лев Толстой. Танланган асарлар. 5 жилдлик, 3-жилд. Уруш ва тинчлик. 3-4 -китоблар. Тошкент. Адабиёт ва санъат нашриёти. 1980. – 852 б.
  3. 3. Умид Бекмуҳаммад. Толстойнинг ўзбек суҳбатдоши. https://khdavron.uz/kutubxona/multimedia/umid-bekmuhammad-tolstoyning-ozbek-suhbatdoshi4. Лев Толстой ҳақида ҳақиқатлар. Тўпловчи А.Намозов. Тошкент. “Янги аср авлоди”. 2010. – 184 б. Азимова Назира Фаттоҳевна – Бухоро давлат техника университети “Ўзбек ва хорижий тиллар кафедраси” катта ўқитувчиси. Тел: +998905116798. Е- mail: Azimova67@gmail.com “Фан ва технологиялар тараққиёти” Илмий–техникавий журнал №2/2025 384